Москва Бокуни “стратегик иттифоқчилик” даражасига қайтишга чақирди

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Азербайжонни икки давлат ўртасидаги муносабатларни стратегик иттифоқчилик даражасига қайтаришга чақирди. Бу ҳақда ТИВ расмий вакили Мария Захарова брифингда маълум қилди.
Захарованинг сўзларига кўра, Бокунинг қатор “дўстона бўлмаган ҳаракатлари” муносабатларни мураккаблаштирган. Жумладан, юқори даражадаги давлатлараро тадбирларни бекор қилиш, “Спутник Азербайжон” агентлиги ходимларига нисбатан ҳаракатлар, россиялик ижодкорлар иштирокидаги маданий тадбирларни бекор қилиш ва оммавий ахборот воситаларидаги маълумотлар шулар жумласидир.
1 июль куни Россия ТИВ раҳбар ўринбосари Михаил Галузин Азербайжон элчисига расмий нота топширди. Шу куни Азербайжон ҳам Москвага нотани тақдим этиб, Екатеринбургдаги ҳодиса – азербайжонлик фуқароларнинг қўлга олиниши, калтакланиши ва вафоти юзасидан норозилик билдирди.
Мазкур дипломатик инқироз 2001–2011 йиллардаги жиноятлар билан боғлиқ гумонли шахсларнинг қўлга олиниши ва икки нафари суриштирув пайтида ҳалок бўлиши билан бошланди. Россия тергов қўмитаси бунга “юрaк хуружи” деб баҳо берган бўлса, Боку уларнинг танасида зўравонлик изларини қайд этган.
Жавоб тариқасида Азербайжонда “Спутник Азербайжон” ходимлари Игорь Картавых ва Евгений Белоусов молиявий жиноятларда айбланиб қўлга олинди. Шунингдек, 1 июль куни РФ фуқаролари бўлган 8 киши наркотик савдоси ва кибержиноятларда гумон қилинган ҳолда ҳибсга олинди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ўз фуқароларини ҳимоя қилишини ва бу дипломатик йўллар орқали амалга оширилишини таъкидлади. Айни пайтда Азербайжон Россия билан боғлиқ барча ҳукуматлараро ва маданий тадбирларни бекор қилди.