Интерпол қидирувида бўлган ўзбекистонлик Уммон Султонлигидан экстрадиция қилинди

Маълумотларга кўра, ушбу фуқаро одам савдоси билан шуғуллангани учун қидирувда бўлган.
Қайд этилишича, Уммон Султонлигидан Ўзбекистон Республикасига Интерпол Маскат Миллий Марказий Бюроси ходимлари кузатувида мамлакатимиз Жиноят кодексининг 135-моддасида назарда тутилган одам савдосида айбланаётган фуқаро экстрадиция қилинди.
Тақдим этилган материаллар асосида ватандошимиз халқаро қидирувга эълон қилинди.
Интерпол каналлари орқали қидирувдаги шахснинг Уммон ҳудудида эканлиги аниқланди. У жорий йилнинг апрель ойида ушбу мамлакатда ҳибсга олинган.
Бир ой олдин Тошкент Интерпол Миллий марказий бюроси ходимларининг ҳамроҳлигида Уммондан Ўзбекистонга икки нафар жиноятчи аёл экстрадиция қилинди.
Ташриф давомида олиб борилган музокаралар ва ўрнатилган икки томонлама алоқалар туфайли, қўшма саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг айбланувчини топшириш тўғрисидаги илтимосномасини амалда бажариш бўйича келишувга эришилди.
Тошкентдаги Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортда қидирувда бўлган шахс Интерпол Миллий марказий бюроси ва республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларига топширилди.