Ғазода Исроил зулми туфайли икки чақалоқ очликдан вафот этди

Ғазо секторида қаттиқ израил муҳосараси ва фаластинликларга нисбатан давом этаётган геноцид шароитида болалар озуқа ва сут қўшимчалари етишмаслиги туфайли яна икки чақалоқ вафот этди. Бу ҳақда Хан-Юнус шаҳрида жойлашган Наср шифохонаси хабар берди.
Ҳалок бўлган чақалоқлар мотам ва кўз ёш ичида дафн этилди. Оилалар оғир мотамни бошидан кечирмоқда — фарзандлари тиббий ёрдам ва озиқ-овқат каби энг оддий инсон ҳуқуқларидан маҳрум бўлганини айтмоқда.
Жорий йилнинг 19 июнидаёқ Ғазодаги икки йирик шифохона муҳосара натижасида болалар учун мўлжалланган сут қўшимчалари тугаганини ва бу янги туғилган чақалоқлар учун ҳалокатли таҳдид эканини эълон қилган эди.
Беш ойлик Нидалнинг амакиси Маҳмуд Шараб "Анадолу" ахборот агентлигига берган интервьюсида жияни озиқланмаслик ва болалар сут озуқаси етишмаслиги оқибатида ҳаётдан кўз юмганини айтди. У шифохонада шунга ўхшаш ҳолатдаги бошқа болалар ҳам борлигини ва ҳудудга шошилинч равишда даволаш озуқаси ҳамда махсус маҳсулотлар етказилиши кераклигини таъкидлади.
10 кунлик қизалоқ Кинданинг отаси Муҳаммад ал-Ҳамс эса қизининг озуқа ва дори-дармон етишмаслиги туфайли вафот этганини маълум қилди. У: «Бу уруш қурбонлари. Бу (Исроил бош вазири) Биньямин Нетаньяху ўз халқига кўрсатаётган “ютуқлар”идир», — деди.
Ал-Ҳамс дунёнинг Ғазода болалар очликдан ўлаётганини сукут билан кузатаётганидан қаттиқ норозилик билдирди. У халқаро ҳамжамият Исроилнинг жиноятларини инкор этаётганини таъкидлади. «Ғазода бирор кун ҳам жаноза дуосисиз ўтмайди. Исроилнинг геноциди ҳар куни янги инсонларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда», — деди у.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 июн куни берган баёнотида, ҳудуддаги гуманитар ва тиббий вазият геноцид туфайли фалокат даражасига етганини маълум қилди. Вазирлик чақалоқлар ўртасида кам озиқланиш ҳолатлари кескин ошганини, шунингдек, даволаш учун мўлжалланган озуқа мавжуд эмаслигини қайд этди.
Ғазо ҳукумати медиа-офиси томонидан 25 май куни эълон қилинган маълумотларга кўра, озуқа ва дори-дармон етишмаслиги оқибатида камида 242 киши вафот этган, уларнинг кўпчилиги болалар ва қариялардир.
Жорий йилнинг 2 мартидан бери Исроил Ғазога олиб борадиган барча қуруқликдаги чегара ўтиш нуқталарини ёпиқ ҳолда ушлаб турибди. Юзлаб гуманитар юк машиналари кириши тўсиб қўйилган, фақат чекланган миқдордагина юк Керем Абу Салем назорат-ўтказиш пункти орқали кириш рухсатини олмоқда. Аммо ҳудудга кунда камида 500 та гуманитар юк машинаси керак.
2023 йил 7 октябрда бошланган ҳужумлардан буён Исроил Ғазо секторига кенг кўламли ҳарбий амалиётларни давом эттирмоқда. Улар қатъий бомбардимонлар, аҳолига қарши қасддан юритилган очлик, мажбурий кўчириш ва инфратузилмани йўқ қилиш билан биргаликда амалга оширилмоқда. Халқаро ҳамжамият ва БМТ Халқаро судининг ўқ отишни тўхтатиш чақириқларига қарамай, Исроил Ғазодаги геноцидни тўхтатмаяпти.